QORAKULDON.UZ

Донни қайта ишловчи ва қолипли нон ишлаб чиқарувчилар учун қўшилган қиймат солиғи бўйича қандай имтиёзлар бор?

Жорий йилнинг 30 сентябрида Вазирлар Маҳкамасининг “Донни қайта ишловчи корхоналар ва қолипли нон ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 829-сон қарори имзоланди.
 
Ҳужжатдан англашилишича, мазкур қарор давлат томонидан донни қайта ишлаш корхоналари ва қолипли нон ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш ва нарх навонинг ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида қабул қилинган. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июнда ПФ-5755-сон Фармони (кейинги ўринларда – Фармон) қабул қилиниб, унда озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича қўшилган қиймат солиғи имтиёзлари бекор қилиниши назарда тутилган эди.
 
Янги Қарорда қуйидаги нормалар белгиланди:
 
Биринчидан, маҳаллий дондан ишлаб чиқарилган ундан тайёрланган қолипли нонни ишлаб чиқариш ва сотиш 2020 йил 1 июлгача қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши белгиланди.
 
Киритилган норманинг моҳияти нима, унинг қолипли нон ишлаб чиқаришга таъсири қандай?
 
Маълумки, юқорида келтирилган Фармоннинг 3-бандига мувофиқ қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш мақсадида 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинди.
 
Қайси озиқ-овқат маҳсулотларига имтиёз назарда тутилган эди?
 
Жорий йилнинг бошида қўшилган қиймат солиғи билан боғлиқ ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошишининг олдини олиш учун Ҳукумат томонидан бир қатор чоралар кўрилди.
 
Шундай чоралардан бири, Ҳукуматнинг 2018 йил 31 декабрдаги 1065-сонли қарор билан Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган реализация қилиш оборотлари қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати тасдиқланганидир. Ушбу Рўйхат билан Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган қуйидаги озиқ-овқат маҳсулотлари чакана ва улгуржи реализация қилинганда имтиёз берилиши белгилаб қўйилди:
 
1. Гўшт (мол, қўй, товуқ), шунингдек, ҳайвонлар (қорамол ва парранда) тирик ҳамда уларни сўйиш маҳсулотлари (шунингдек, импорт бўйича — 2019 йил 1 октябргача).
 
2. Балиқ.
 
3. Картошка, уруғлик картошка (шу жумладан, импорт қилингани).
 
4. Пиёз.
 
5. Тухум.
 
6. Гуруч (барча навлари), шу жумладан, импорт қилинган гуруч.
 
7. Шакар, шу жумладан импорт қилинган.
 
8. Нон маҳсулотлари (ишлаб чиқариш ва реализация қилишда).
 
9. Сут (ишлаб чиқариш ва реализация қилишда).
 
Ҳукуматнинг 2018 йил 31 декабрдаги 1065-сонли қарори 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ўз кучини йўқотди. Бу ҳолатда нон маҳсулотларига берилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз ҳам бекор бўлар эди. Аммо, нарх навонинг ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида, маҳаллий дондан ишлаб чиқарилган ундан тайёрланган қолипли нонни ишлаб чиқариш ва сотиш 2020 йил 1 июлга қадар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди.
 
Эътибор берилиш керак бўлган жиҳат, имтиёз фақат маҳаллий дондан олинган ундан тайёрланган қолипли нонга қўлланилади. Агар ишлаб чиқарувчи импорт қилинган дондан олинган ундан қолипли нон тайёрласа ва сотса, унда қўшилган қиймат солиғи тўлаши лозим бўлади.
 
Иккинчидан, донни қайта ишлаш корхоналари томонидан ун ишлаб чиқаришда фақатгина маҳаллий дон қийматини чиқариб ташлаган ҳолда, тушумлар ҳажмидан келиб чиқиб қўшилган қиймат солиғи бўйича солиққа тортиладиган айланмани аниқлаш тартиби сақлаб қолинди. Яъни, ушбу тартиб донни қайта ишлаш корхоналари томонидан ун ишлаб чиқаришда фақатгина маҳаллий дон қиймати учун қўллаш мумкин бўлади.
 
Эслатма: ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 августдаги 684-сон қарори билан 2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб донни қайта ишловчи корхоналарнинг маҳсулотлари учун қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ солинадиган айланма тушум ҳажмидан дон (яъни барча донлар: ҳам маҳаллий ҳам импорт дон) қийматини чиқариб ташлаб ҳисоблаш тартиби орқали жорий этилган эди.
 
Учинчидан, жорий йил 1 октябрдан бошлаб импорт қилинган ва импортда қўшилган қиймат солиғи солинган донни қайта ишловчи корхоналар солиқ солинадиган қўшилган қиймат солиғи айланмасини
 
Солиқ кодексида белгиланган тартибда аниқлайдилар.
 
Яъни, Солиқ кодексининг 204-моддасига асосан, солиқ солинадиган база, реализация қилинаётган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати асосида, унга қўшилган қиймат солиғини киритмаган ҳолда белгиланади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5837-сон Фармонига кўра 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғининг ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилган.
 
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ҳукумат киритилган нормалар ёрдамида донни қайта ишловчи ва қолипли нон ишлаб чиқарувчилар учун қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзларни давом эттириш орқали аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш сиёсатини давом эттиради.
 
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
бўлим бошлиғи Н.Норбаев

Warning: Use of undefined constant php - assumed 'php' (this will throw an Error in a future version of PHP) in /workspace/sites/qorakuldon.uz/wp-content/themes/blogrow/single.php on line 44

Warning: Use of undefined constant php - assumed 'php' (this will throw an Error in a future version of PHP) in /workspace/sites/qorakuldon.uz/wp-content/themes/blogrow/single.php on line 45